10.16 ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИНГ УМУМИЙ МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ БИЛАН ФАРҚЛИ ВА МУШТАРАК ЖИҲАТЛАРИ
Аннотация
Ходимларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланади.
Abstract: The right of employees to rest is ensured by determining the duration of working time, days of rest and non-working holidays, paid annual holidays.
Калит сўзлар: меҳнат таътиллари, асосий ва қўшимча таътиллар, таътилларни ҳисоблаш, таътиллар жадвали, таътилдан чақириб олиш, фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўлаш.
Keywords: labor holidays, main and additional holidays, holidays calculation, holidays schedule, recall from holidays, compensation for unused holidays.
Халқимизда “яхши дам - меҳнатга ҳамдам” деган нақл бор. Бу гапнинг туб замири бир неча минг йиллардан буён ривожланиб, камол топган тажриба маҳсулига бориб тақалади. Зеро, ўз вақтида, режа асосида ташкил этилган иш, тартибсиз ва дам олишларсиз ташкил этилган ишдан анча самаралироқ ҳамда мароқлироқ бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Дам олишлар ҳамда меҳнат таътили ҳақида сўз кетар экан ушбу тушунчани миллий қонунчилигимизда қандай ўринга эга эканлигини билиб олишимиз зарур. Аввало Конституциямизда ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга эканлиги, ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт даври - ҳар йилги меҳнат таътили эканлиги ўз аксини топган.
Юқорида таъкидлаб ўтилган тушунчаларнинг ўзи, меҳнат таътили ходимнинг ҳуқуқи эканлигини, мазкур таътилларни ўз вақтида берилишини таъминлаш иш берувчининг мажбурияти эканлигини англатади. Меҳнат кодексига кўра, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, таътил давомийлигининг энг кам миқдори 21 календарь кунни (илгари 15 иш куни эди) ташкил этиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, алоҳида тоифадаги ходимларга ёши ва соғлиғининг ҳолатига қараб, яъни 18 ёшгача бўлган шахсларга — 30 календарь кун, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга — 30 календарь кун ҳамда давлат органлари ходимларига – 27 календарь кун бўлган асосий узайтирилган таътиллар берилади. Ички ишлар органларида меҳнат таътилларини бериш тартиби ва асосларининг умумий меҳнат қонунчилигидан бироз фарқ қилади.
Ички ишлар органлари ходимларига дам олиш ва иш қобилиятини тиклашлари учун таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч календарь кундан ошмайдиган вақт қўшилган (байрам кунлари ҳисобга олинмаган, лавозими ва пул таъминоти сақланган) ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳар йилги асосий таътил берилади.