7.24 ТИНТУВ ТУШУНЧАСИ, УНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ ТАРИХИ ВА РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ
Аннотация
Ушбу мақола тинтув тергов ҳаракатини суд-тергов босқичининг бир тури сифатида пайдо бўлиши ва ривожланиш босқичларини ўзида акс эттиради. Мақола мазкур тергов ҳаракати жиноят процесси босқичларида ашёлар, иш учун аҳамиятга эга бўлган буюмлар, ҳужжатлар, қимматбаҳо ашёлар (пул, тилла тақинчоқлар ва ҳ.к.), шунингдек, жиноятчи шахсларни суд-тергов босқичида муайян ўрнатилган тартибга асосан қидириб топишнинг тарихий кўринишлари ва ривожланиш босқичларини ўз ичига олади.
Калит сўзлар: тинтув тушунчаси, тинтув келиб чиқиши, тарихи, ривожланиш босқичлари.
Тергов ҳаракатарини процессуал тартибда олиб бориш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш, уларнинг криминалистик хусусиятларини очиб бериш борасида асосли таклифлар ишлаб чиқиш учун мазкур жиноят процессуал институтларнинг келиб чиқиши ва шаклланишини таҳлил қилиш зарур.
Ушбу тергов ҳаракатлари орасида тинтув тергов ҳаракатларини ўтказиш алоҳида хусусиятларга эга бўлиб, даставвал тинтув ўзи нима, у қачон ва қаерда пайдо бўлганлигини билиб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Тинтув деганда жиноий йўл билан топилган ёхуд жиноят иши бўйича муайян аҳамиятга эга бўлган нарсалар, ашёлар, ёзма ҳужжатлар, шунингдек, жиноят қуроллари, пул ва бошқа қимматбаҳо ашёлар ҳамда қидирилаётган шахслар ва мурдаларни ёки уларнинг қаерда эканлигини аниқлаш (қидириб топиш) мақсадида турар ва нотурар жойлар, ер майдонлари (айрим ҳолларда транспорт воситалари)да мажбурий тартибда ўтказиладиган текшириш тушунилади.
Тинтув тергов ҳаракатини келиб чиқиши юзасидан нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг ривожланган давлатлари жиноят-процессуал қонунчилигида олимлар ўртасида жуда кўп илмий баҳс ва мунозаралар юзага келган бўлиб, бугунги кунга қадар бир қатор фикрлар ўртага ташланиб, ўрганишлар амалга оширилган.
Даставвал жамият бошқаруви асослари инсонлар томонидан яратилган одат ҳуқуқлари асосида шаклланиб, кейинчалик ахлоқ нормалари билан биргаликда олиб борилган.
Тарихга назар соладиган бўлсак, давлатимиз тарихида муҳим ўрин тутадиган манбалардан бири зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлган “Авесто” дир. Авесто китоби 348 бобдан таркиб топган бўлиб, унинг Вендидот [1] китобида ўша даврга хос бўлган қоидалар келтириб ўтилган. Мазкур муқаддас китобда айбга иқрорлик, гувоҳни сўроқ қилиш, онт ичиш каби процессуал ҳаракатлар кўрсатиб ўтилган.
Ушбу китобда жиноят учун жазо муқаррар эканлиги қайд этилган бўлсада, тинтув қилиш алоҳида факт сифатида кўрсатилмасдан, тезкор-қидирув тадбирига ўхшаш бўлган кўринишда фойдаланиб келинганлигини билиб олиш мумкин.
Шунингдек, тинтув тушунчаси пайдо бўлиши юзасидан илмий ва тарихий-ҳуқуқий адабиётларни таҳлил этганимизда, дастлаб ушбу тергов ҳаракати ҳақидаги тушунчалар Қадимги Рим империяси даврида илк бора қўлланилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ушбу атама Рим империясининг “XII жадвал қонунлари”да тинтув (aererum – бирор нарсани изламоқ, қидирмоқ) кўринишида учраган [2].