7.28 МУРАККАБ ВА СЕЙСМИК ШАРОИТДА ТЕМИР ЙЎЛ ИЗИНИНГ ЭКСПЛУАТАЦИОН ИШОНЧЛИЛИГИ ОШИРИШ
Abstract
Аннотация: мақолада мураккаб ва сейсмик фаол шароитда жойлашган темир йўл изини эксплуатацион ишончлилигини ошириш учун ер полотносидаги аплитуда-частотали характеристикаларини аниқлашнинг назарий ечимлари формулалар орқали келтириб ўтилган.
Калит сўзлар: ер полотноси, сейсмик куч, амплитуда, частота, логарифмик декремент.
Ҳар йили ер шарида дунё бўйича 300 минга яқин зилзила содир бўлиб, унинг натижасида 10 минга яқин киши турли хил талофатлар кўради. Афсуски қурилиш иншоотлари шу жумладан транспорт иншоотлари авариялари ва турли хил шикастланишлари дунё бўйича сезиларли ортиб бормоқда [1]. Ер полотносидаги тебранма харакатнинг ортиши темир йўл юқори қисми элементларининг вазияти ўзгариши ва темирбетон шпалаларнинг устуворлиги йўқолишига олиб келади (расм 1).
Расм 1. Туркияда зилзила вақтида темир йўл изи ва ер полотносининг силжишлари.
Сейсмик куч таъсирида ер полотноси грунтларидаги амплитуда-частотали характеристикаларини ортиши натижасида турли хил деформациялар пайдо бўлади. Сейсмик куч таъсирида ташқи кучлар сезиларли даражада ортиб кетади. Асоси ёғоч шпалдан иборат бўлган темир йўл изининг устуворлиги жуда паст даражада бўлиши 2-расмда келтириб ўтилган.
Расм 2. Аляскада зилзила вақтида асоси ёғоч шпалдан иборат бўлган темир йўл изи.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори тезликдаги поездлар харакати давомида ҳосил бўладиган тебранишлар юқори частотали тебранишлар бўлиб асосан 4-5 баллик зилзила кучига тенг бўлади. Бунинг натижасида ер полотноси грунтларининг динамик бикрлиги пастлиги сабабли турли даражадаги деформациялар пайдо бўлади [2]. Юқори тезликда харакатланувчи поездлардан ва зилзила пайтида иншоотларга таъсир қилувчи кучлар кескин ортади бу эса иншоотларнинг тебранишлар частотасини ошишига сабаб бўлади. Иншоотларнинг тебранишлар частотаси ошиши натижасида устуворлиги камайишига олиб келади. Тебранишлар частотаси ошиши натижасида иншоотнинг вақт бирлигида тебраниш сони ортиб кетади бунинг натижасида тебранишлар амплитудаси, тезлиги ва тезланишлари ортиб кетади [3].